КУТИЛМОҚДА...

Низомиддин Мир Алишер Навоий хазратларининг таваллуд кунлари

09

Февраль

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвали
ХАЛҚАРО ЛОЙИҲАЛАР
    Towards a Central Asian Hegher Education Area
    Modernizing Health Education in Universities
    Foreign cooperation on textile design
ЭЪЛОНЛАР

Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий воқеаларга доир маълумотлар

14.12.2017 | Ахборот соатлари

Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида янги саҳифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

Афғонистон Президенти 5 декабрь куни Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. 

Олий мартабали меҳмон Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. 

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғанининг тор доирадаги учрашуви бўлди. 

Сизни Ўзбекистонда қутлашдан мамнунман, деди Президентимиз. Биз кейинги бир йилда беш маротаба учрашиб, бугунги тарихий ташрифга замин яратдик. Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни ва дўст мамлакат деб билади. Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши, савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигимиз ривожланиши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этмоқда. 

Афғонистон Президенти Ўзбекистонга ташрифидан, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка кенг йўл очилганидан мамнун эканини билдирди. 

Бундан бир йил аввал Ўзбекистон халқи Сизга ишонч билдириб, Президент этиб сайлаган эди, деди Афғонистон раҳбари. Ўтган бир йилдаги ўзгаришлар бу ишонч тўғри бўлганини намоён этди. Ўзбекистон 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, барча масалаларни ҳал этмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланганидан мамнунмиз. Умид қиламизки, бу муносабатларимиз ойма-ой, кунма-кун янада мустаҳкамланиб бораверади. 

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 13 октябрда ўрнатилган. Икки томонлама ҳамкорлик 2016 йилга келиб, изчил ривожлана бошлади. 2017 йил январда Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди. 

Давлат раҳбарлари 2017 йил 7 июнда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ мажлиси ҳамда 10 сентябрда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида учрашувлар ўтказди. 

29 ноябрь куни Тошкент ва Кобул ўртасида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат чуқур рамзий маънога, айни пайтда катта амалий аҳамиятга эгадир. Энди икки мамлакат расмий вакиллари, ишбилармон доиралари, энг асосийси, оддий фуқаролар алоқалари учун қулай имконият яратилди. 

Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб мавзулари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатимиз Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир, деган қатъий позицияда. 

Ҳамкор давлатлар ва ташкилотларнинг молиявий, иқтисодий ва инсонпарварлик ёрдамига таянган ҳолда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол иштирокида умуммиллий ярашувга эришиш муҳимдир. 

Биз Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, музокаралар орқали умуммиллий ярашувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлаймиз, деди Шавкат Мирзиёев. Қўшни Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил ривожланиш истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкон яратади. Ўзбекистон Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга қўшилиши учун ҳар томонлама кўмаклашади. Иқтисодиётни тиклаш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларни тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этади. 

Бу жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига уйғун ва ҳамоҳангдир. 

Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро ва минтақавий анжуманларда, хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Афғонистон бўйича билдирган баёнотларини юксак қадрлаймиз, деди Ашраф Ғани. Яқинда Самарқанд шаҳрида юқори даражада ўтказилган халқаро конференцияда ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатиш минтақа ва жаҳон миқёсида муҳим масала экани алоҳида таъкидланди. Минтақамизда марказий ўринга эга Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз иқтисодий-ижтимоий барқарорликда муҳим аҳамият касб этади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. 

Унда расмий делегациялар аъзолари, вазирлик ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Музокараларда савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Мамлакатимизда экспорт масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афғонистон эса Ўзбекистон учун яқин ва катта бозор. Ўзбекистоннинг ривожланган саноати, транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Афғонистон учун манфаатли. 

Бу борадаги имкониятларни ишга солиш мақсадида Савдо, транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ташкил этилган. Ўзбекистон Афғонистонда темир йўл, энергетика, қурилиш лойиҳаларини амалга оширган. 2016 йилда савдо айланмаси қарийб 520 миллион долларга етган. Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, темир йўл, транзит ва бошқа тўловларнинг тариф нархлари туширилиб, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун янада қулай шароитлар яратилмоқда. 

Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёр. 

Музокарада маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида махсус таълим маркази ташкил этилган. Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди. 

Умумий маданий-маънавий меросимиз рамзи бўлган Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларимиз қадамжоларини биргаликда қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича ҳам келишиб олинди. 2018 йил Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросини ўрганиш бўйича халқаро конференция, Тошкентда олима аёлларга бағишланган халқаро симпозиум ўтказилиши маълум қилинди. 

Ўзбекистон Афғонистон учун зарур мутахассисларни мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқитишга тайёрлигини билдирди. Афғонистон Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Мазкур марказлар ёшларни диний бағрикенглик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар ва террорчилик ғоялари таъсиридан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. 

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегара постларидан ўтказиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, юкларни транзит ташиш, божхона, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, олий таълим соҳаларига оид ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид қўшма комиссия тузиш, Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консулхонасини очиш тўғрисидаги келишувларнинг муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. 

Транспорт ва энергетика инфратузилмаларини барпо этиш соҳасидаги ҳамкорлик аввало икки мамлакат, қолаверса, минтақа давлатлари учун стратегик аҳамият касб этади. Хусусан, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилади. Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўли биргаликда барпо этилади. 

Ташриф доирасида Ўзбекистондан буғдой, қора металл, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган тижорат шартномалари имзолангани алоҳида қайд этилди. 

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар. 

Учрашувда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўзбек тилида лутф қилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев буни олқишлаб, бу халқларимиз тарихи, тили, маданияти яқинлигининг далолати эканини таъкидлади. 

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташриф буюрди. 

Афғонистон делегацияси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари билан танишди.

Тадбирда самимий дўстлик муносабатларининг ифодаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 25 дона "Isuzu" русумли автобус ва “New Holland” маркали 3 та трактор Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан биродар Афғонистонга ҳадя этилгани эълон қилинди. 

АФҒОНИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ – БУХОРО ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ФАХРИЙ ДОКТОРИ

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. 

Мазкур университет мамлакатимиздаги йирик билим масканларидан биридир. Ундаги 8 факультетда 7 мингдан зиёд талаба ва магистр таълим олмоқда. 

Афғонистон Президенти университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳузурида маъруза қилди. 

Муҳаммад Ашраф Ғанига Бухоро давлат университети фахрий доктори унвони берилгани тўғрисида диплом топширилди. 

Дунё илм-фани ва ислом оламида катта ўрин тутган Бухорои шарифни зиёрат қилиш орзуим эди. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга бу имкониятни яратиб бергани учун самимий миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон заминидан Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Бу ерда таълим олаётган ёшлар мана шундай боболарига муносиб бўлиб вояга етишмоқда, деди Президент Муҳаммад Ашраф Ғани. 

Афғонистон раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйди. 

ТРАНСПОРТ-ТРАНЗИТ САЛОҲИЯТИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ – УЛКАН ДАРОМАД МАНБАИ

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва транзит юк ташувларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро интеграция жараёнларини фаоллаштириш, хусусан, минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда мамлакатнинг транспорт-транзит салоҳияти муҳим ўрин тутади. 

Шу мақсадда 2008 йили Навоий шаҳри аэропорти базасида халқаро интермодал логистика маркази ташкил қилиниб, Ўзбекистон транспорт-транзит салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиш йўлга қўйилган эди. 

Ушбу логистика марказига аввалбошдан барча турдаги солиқ имтиёзлари ва божхона преференциялари берилди. Йўлдош инфратузилма барпо этилди, бошқарув “Korean Air” компаниясига топширилди. 

Бироқ, марказ фаолияти таҳлил қилинганда, шунча қулайлик ва имкониятларга қарамай, терминал қувватидан амалда тўлиқ фойдаланилмаётгани аниқланди. Йилига 100 минг тонна юк ўтказиш қувватининг 20 фоизидан ҳам камроғи ишга солинмоқда, холос. Ўтган саккиз йил давомида ушбу аэропорт орқали 300 минг тонна юк ташилгани буни яққол тасдиқлайди. 

2017 йил якунига кўра, терминалда умумий юк айланмаси 2016 йилдагига нисбатан 11 фоиз ёки 33 минг тоннагача камайиши прогноз қилинмоқда. Бундай ҳолат юзага келишига бу соҳага бевосита масъул бўлган айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги, ушбу марказни чуқур ўйланган стратегия асосида ривожлантирмагани сабаб бўлди, деди давлатимиз раҳбари. Кўп йиллар мобайнида Навоий аэропорти ва логистика марказининг ноёблиги, жозибадорлиги, бошқалардан ажралиб туриши тўғрисида баландпарвоз гаплардан нарига ўтилмади. 

Статистик маълумотларга кўра, марказда кунига ўртача иккита парвоз амалга оширилмоқда. Бу эса ушбу логистика маркази ва аэропорт салоҳиятидан фойдаланиш даражаси мақтовдан анча йироқ эканини кўрсатади. Ишни ташкил қилишга муносабатнинг қанчалар аянчли ҳолда бўлганини шундан ҳам билса бўладики, ҳозирги кунгача “Навоий” логистика маркази объектларини фойдаланишга топшириш бўйича давлат қабули амалга оширилмаган, деб қайд этди Президентимиз. Марказдаги ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш сиғимлари ҳам охиригача қуриб битказилмаган. 

Ваҳоланки, халқаро транспорт-транзит соҳаси, айниқса, ҳаво транспортида юк ташиш энг сердаромад соҳалардан биридир. Мисол учун, Дубай халқаро аэропорти йилига 3 миллион тоннагача юк ўтказиб, 26 миллиард долларга яқин даромад топади. Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида бир йилда 1,5 миллион тонна юк ўтказиш қувватига эга бўлган логистика марказини ташкил қилишни режалаштираётгани ҳам шундан. “Навоий” логистика марказини бундай хаблар билан солиштириб бўлмайди. Бу ҳолатда рақобат қилиш жуда қийин. 

Хорижий юк ташувчиларни кўп миқдорда ва давомли жалб қилиш ишни қанчалик унумли ташкил этишга бевосита боғлиқ. “Навоий” логистика маркази фаолиятида, аксинча, қатор тизимли муаммолар мавжуд. Хусусан, ҳаво транспортида юк ташишни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири тарифларнинг юқорилигидир. 

Давлатимиз раҳбари авиаташувларнинг тариф сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 

Мазкур логистика маркази жозибадорлигини оширишда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси катта аҳамиятга эга бўлиши керак эди. Бироқ, бу ҳам кутилган натижани бермади. Унда на юқори қўшимча қийматли экспортбоп товарлар, на ички бозор учун харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Хорижий юк ташувчи субъектлар “Навоий” логистика маркази имкониятларидан фойдаланишга қизиқиш билдирмаяпти. Бунинг асосий сабаби авиакеросин етказиб беришда узилишлар мавжудлигидир. Бу турдаги ёқилғига бугунги кунда ҳафталик эҳтиёж 950 тонна эканига қарамай, нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан атиги 600 тонна ажратилмоқда. 

Транспорт компаниялари томонидан мувофиқлаштириш ишлари таъминланмагани сабабли мультимодал ташиш ҳам ривожланмай қолган. Божхона тартиб-таомиллари узоқ давом этиши ва транспорт воситалари чегарада бекор туриб қолиши оқибатида юкларни етказиб бериш муддати чўзилиб кетмоқда. Маҳаллий импортчиларда ҳам ўз юкларини “Навоий” хаби орқали қабул қилиб олишга қизиқиш йўқ. Чунки инфратузилма талаб даражасида ривожлантирилмаган. Импорт юкларнинг аксарияти Тошкент аэропорти орқали кириб келмоқда. 

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев нефть-газ тармоғи мутасаддиларига миллий авиакомпания ва бошқа хорижий юк ташувчиларнинг авиакеросинга эҳтиёжини ўз вақтида ва 100 фоиз таъминлаш, ҳафталик ёқилғи етказиб беришни ошириш, бунда жаҳон бозоридаги нарх-навони инобатга олиб иш тутиш юзасидан топшириқлар берди. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли ташкилотлар билан биргаликда амалдаги тарифларни қайта кўриб чиқиб, оптимал тарзда пасайтириш, логистика марказлари тажрибасини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш вазифаси юкланди. Миллий авиакомпания Навоий шаҳри аэропортига дунёнинг етакчи юк ташувчи компанияларини жалб қилиш ишларини янада фаоллаштиради, почта юкларини ташувчи етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиб, “Навоий” хабида минтақавий почта-алоқа воситалари тузилмасини ташкил этиш каби чораларни ўз ичига олган “йўл харита”сини ишлаб чиқади. 

Шунингдек, божхона органлари ва самолётда юк ташувчи ташкилотлар ўртасида электрон маълумот алмашуви тизимини йўлга қўйиш, “Навоий” логистика маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва бошқа масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди. 

КОНСТИТУЦИЯ – ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ, МАМЛАКАТИМИЗНИ ЯНАДА ТАРАҚҚИЙ ЭТТИРИШНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИДИР

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Барчангизни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ айём – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Йигирма беш йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. 

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Қадрли юртдошлар! 

Бугун Конституциямизнинг 25 йиллик байрамини нишонлар эканмиз, Асосий қонунимизни яратишда унутилмас хизмат қилган инсонлар номини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз. 

Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида 1990 йил июнь ойида тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи ва сўнгра учинчи лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу Комиссия аъзоси сифатида мен ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганимни доимо фахр билан эслайман. Конституциянинг яратилиши билан боғлиқ қизғин баҳс-мунозаралар, турли ғоя ва фикрлар ҳали ҳам хотирамда.Асосий қонунимиз икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилди. Лойиҳалар муҳокамасида кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирди.

Умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра, Бош қомусимиз лойиҳасига 100 га яқин тузатишлар киритилди ва 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. 

Мана шу ўтган чорак аср давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.

Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта. 

Айни пайтда биз Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар турганини яхши тушунамиз. Яъни, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.

Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Айнан шу мақсадда биз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяр эканмиз, салоҳият ва имкониятларимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик. Чунки ўзимиз шу ишни қилмасак, ҳеч ким бу хатоларни четдан келиб бизга айтмайди. Биз ўз келажагимизни ўзимиз қурамиз. Бу йўлда хато қилишга ҳаққимиз йўқ.

 Шунинг учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Биз бу борада кўпгина қонунлар халқимизга маъқул эмаслигини, улар эл-юртимиз манфаати учун ишлаши кераклигини ҳисобга олган ҳолда шундай йўл тутдик. Бу ишларни келгусида албатта давом эттирамиз.

 Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган 2017 йилда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида катта ишлар амалга оширилди. Бу ишлар Конституциямизнинг асосий тамойилларини рўёбга чиқаришда яна бир улкан қадам бўлди.

Албатта, бу ҳақда узоқ ва батафсил гапириш мумкин. Лекин бугунги тантанали маросим янгича мазмун ва йўналишда ўтаётганини ҳисобга олиб, мен фақат энг муҳим ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Жорий йил якунлари ва янги йилга ном бериш тўғрисида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқин кунларда Олий Мажлис палаталарига тақдим этиладиган Мурожаатномасида атрофлича фикр юритилади, албатта.Биз кириб келаётган янги йилга халқимизнинг хоҳиш-истаклари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ном берамиз. Ўйлайманки, у сизларга албатта маъқул бўлади.

Маълумки, бу йил давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизимига айланди.

Ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланмоқда.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида туманлар даражасида халқ депутатлари кенгашлари таъсис этилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг фуқаролари бундай имкониятга эга эмас эди. Биз бу борада адолатни тиклаб, Конституциямизга тегишли ўзгартиришлар киритдик. Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам энди ўз вакиллари – депутатлар орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.

Барчангиз хабардорсиз, шу йил 24 декабрда илк бор пойтахтимиз туман кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ана шу сайловларда эл-юрт учун чинакам жон куйдирадиган, одамийлик фазилатлари ва гражданлик позицияси билан аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган инсонлар халқ ноиблари этиб сайланадилар, деб ишонамиз.

Ўтган даврда ижро этувчи ҳокимиятни демократлаштириш ишлари ҳам изчил олиб борилди. Ҳукуматнинг вазифа ва ваколатлар доираси кенгайтирилиб, парламент олдида ҳисоб бериш даражаси ва масъулияти кучайтирилди. Бу Конституциянинг 7-моддасида мустаҳкамланган “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган улуғвор ғоянинг амалий ифодаси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Шу билан бирга, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби судда аниқ бўлмагунча у айбдор ҳисобланмаслигитўғрисидаги конституциявий нормаларни амалда таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди. Албатта, бу қоидани ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, биринчи навбатда, судларнинг чинакам мустақиллиги, уларнинг адолатли фаолият юритиши билан чамбарчас боғлиқ. 

Шу мақсадда биз суд тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Жумладан, ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди.

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Биз бу борада жаҳон тажрибасини чуқур ўрганиб, ўз тарихимизда биринчи марта шундай янгиликни амалга оширдик. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.

Содда қилиб айтганда, судья муддатсиз даврга тайинлансин, лекин у доим халқпарвар бўлиб, адолатли иш олиб борсин. Судья адолатли ҳукм чиқариши учун аввало халқни, унинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши керак.

Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ва шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин. Хабарингиз бор, илгари ҳар бир туманда бундай судлар бўлмагани туфайли одамлар ўз муаммоларини вақтида ҳал қилолмасдан сарсон бўлар эди.

Судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Биз нима учун бундай тартибни жорий этдик? 

Кўпгина жойларда одамлар судларнинг раисини аксарият ҳолатда танимаслиги, суд идоралари эса халқ ҳаётидан, унинг дарду ташвишларидан узоқлиги маълум бўлди.

Эндиликда фуқароларнинг ижобий фикри мавжуд бўлган тақдирдагина судьяликка номзодлар лавозимга тайинланмоқда. 

Суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, унинг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди.

Шу мақсадда суд ишларини сайёр тартибда кўриш йўлга қўйилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида судлар томонидан 373 минг 256 та иш кўриб чиқилган бўлса, шундан 169 минг 289 таси ёки 45 фоизи сайёр суд муҳокамаларида кўрилди. Ишларни назорат тартибида кўриш муддатлари уч йилдан бир йилга қисқартирилди. Апелляция ва кассация инстанциялари босқичида иш юзасидан юқори суд инстанцияси томонидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамланди. Чунки, илгари Олий суд масъулиятни ўз зиммасига олишни истамас эди. Янги тартиб жорий этилиши билан фуқароларимизнинг судма-суд овораю сарсон бўлиб юриши каби салбий амалиётга барҳам берилди. 

Кўпчилик яхши билади, илгари қарийб 90 фоиз жиноий ишлар қайта терговга юборилар эди. Эндиликда судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш тартиби бекор қилинди. Бу эса суд ва тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ҳолбуки, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса эди.

Терговнинг сифати яхшиланиб, терговчилар масъулияти оширилди. Хусусан, шу давр мобайнида тергов органлари томонидан 238 та ҳолатда жиноий ҳодиса юз бермагани аниқланди. 302 та ҳолатда жавобгарликка тортиш муддати ўтгани, 370 та ҳолатда айбдорлар қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлгани инобатга олинди. 549 та ҳолатда қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани, 1 минг 636 та ҳолатда қилмишда жиноят таркиби йўқлиги исботланди. Ана шундай асосларга таяниб, 3,5 мингдан ортиқ жиноят иши тугатилди.

Ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилди. 

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда. Уларнинг тўғри йўлга қайтишлари учун яна бир бор имконият берилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўзида маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида – 152 нафар, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида – 18 нафар, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида – 3 нафар, жами 173 нафар фуқарога нисбатан жазо тайинлашда жамоатчилик кафиллиги эътиборга олинди. Бу фуқароларнинг 38 нафарини ёшлар, 18 нафарини вояга етмаганлар, 11 нафарини аёллар ташкил этади. Масалан, биргина Шайхонтоҳур туманида 15 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлашда маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафиллиги эътиборга олинди. 

Ана шундай ишлар натижасида мамлакатимиз бўйича 63 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди, 11 нафар шахс жавобгарликдан озод қилинди, 97 нафар шахсга нисбатан енгилроқ жазо тури қўлланди.

Ҳурматли маросим қатнашчилари, келинг, ўзимизга бир савол берайлик: аслида, одамни суд қилишдан мақсад нима? Уни тарбиялаш, тўғри йўлга солиш эмасми? Жиноятчиликнинг олдини олиш эмасми?

Лекин инсонни фақат жазолаш билан, фақат репрессив усуллар билан тарбиялаб бўлмайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўп бор исботлаган. Инсонни тарбиялаш учун бутун жамият ҳаракат қилиши, авваламбор, жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ва омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз керак. Барчамиз биргаликда шу ишга ҳисса қўшишимиз керак. 

Айни вақтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айлантириш учун ҳали кўп иш қилишимиз зарур. 

Аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқот натижалари бир ҳақиқатни яққол кўрсатмоқда: суд-тергов амалиётида далилларни тўплаш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилмаган. 

Шунинг учун ҳам ўтган ҳафтада “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга биноан бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади.

Жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилади.

Далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилинади.

Эндиликда адвокатлар жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу далиллар тергов ва суд идоралари томонидан мажбурий текширилиши ва баҳоланиши керак.

Қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.

Энг муҳими, ноқонуний усуллар қўллаш тўғрисидаги биронта ҳам хабар эътиборсиз қолмаслиги шарт. Прокуратура органлари ҳар бир ҳолат бўйича чуқур текширув ўтказиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлайди.

Нега мен бу ҳақида куйиб-пишиб гапиряпман? Президент фармон қабул қилди, шу билан ҳамма нарса ўз-ўзидан ҳал бўлади, деб ўйламанглар. Лекин бу фармон ҳали фақат қоғозда, уни амалга ошириш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, кутилган натижага эришиш қийин бўлади.

Биз суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият бераётганимиз бежиз эмас. Чунки, Конституциямизда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларини таъминлаш ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаси билан бевосита боғлиқдир. 

Бу жараёнда энг асосий эътибор фуқароларимизга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилди. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Шу асосда аҳоли учун мақбул бўлган усуллар – “ишонч телефонлари” ва тезкор алоқа телефонлари орқали ҳамда видеоконференцалоқа воситасида мурожаат қилиш тартиби жорий этилди.

Фуқароларимизнинг Конституцияда муҳрлаб қўйилган давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида оммавий учрашувларда мурожаатларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бугунги кунда фуқароларимиз мансабдорлар олдига эмас, балки мансабдор шахсларнинг ўзи халқимиз олдига бормоқда. Бу – катта ўзгариш.

Айни вақтда кўп раҳбарлар булар ҳаммаси вақтинча, бир йиллик иш, деган хом хаёл билан юрибди. Аммо улар шуни қулоғига қуйиб олсин, кўприклар аллақачон ёниб кетган. Энди ҳеч қачон орқага қайтмаймиз.

Жорий йилда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказди. Бу қабулларда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш билан боғлиқ муаммолар бўйича 43 минг 127 нафар фуқаро иштирок этди.

Бу тадбирларда фуқаролар томонидан кредит ажратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари қарорларига доир, бандлик ва иш ҳақи тўловлари, тадбиркорлик, электр ва табиий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалаларга оид 22 минг 186 та мурожаат билдирилди. Мурожаатларнинг 6 минг 484 таси жойида ҳал этилди, 15 минг 702 таси тегишли органларга кўриб чиқиш учун топширилди. 94 та ҳолат юзасидан хизмат текширувлари тайинланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланди.

Илгари Бош прокуратура, суд ва бошқа органлар раҳбарларининг вилоятларга боришга вақти йўқ эди. Улар Тошкентда ўтириб иш кўрар эди. Шунинг учун ҳаётдан, одамларни қийнаётган муаммолардан узоқлашиб кетган эди.

Шу борада яна бир муҳим ҳужжат – “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида” янги Қонун қабул қилинди. Унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имконияти янада оширилди.

Бундан кейин фуқароларимиз ҳар қандай давлат органи, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳуқуқий ахборотни ҳеч қандай чекловсиз олиши кафолатланади. 

Нима учун бундай қоида жорий этилди? Одамлар сўраб борса, тумандаги энг кичик амалдор ҳам бирорта ҳужжатни уларга бермайди. Бунга катталар рухсат бермайди, деб баҳона қилади. Энди бундай "ўйин"лар кетмайди. Нега деганда, эндиликда Президентдан бошлаб энг қуйи бўғиндаги раҳбарларгача халқимиз хизматида бўлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларимиз тизимини такомиллаштириб бориш ҳам эътиборимиз марказида бўлди.

Консти


Юклаб олиш учун илова файли

Манбаа: Маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими

© 1942 - 2018
Наманган давлат университети |  Бахтиёр Юлдашев